Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Қаффол аш-Шоший (904-976) 2-бўлим

By 25.06.2020No Comments

Қаффол аш-Шоший доимо илм-маърифат истагида қўним топмай, бир ўлкадан иккинчисига — илм чашмаларидан баҳраманд бўлиш ниятида Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини кезади, Ҳижоз, Бағдод, Дамашқ каби шаҳарларга боради, у ерларда замонасининг кўзга кўринган олимларидан илм-маърифат ўрганади.
Қаффол аш-Шошийнинг таълим олган устозларига қараб ҳам унинг билими, қандай фанларни ўрганганлигини билиш мумкин. Манбаларнинг кўрсатишича, Қаффол аш-Шошийнинг қонуншунослик ва тарих соҳасидаги устози машҳур олим ат-Табарий (839— 923) эди. Маълум бўлишича, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий Мусулмон Шарқ мамлакатларининг энг йирик тарихчиси бўлиб, кўп жилдлик асарлар муаллифи эди.
Қаффол аш-Шошийнинг иккинчи йирик устози Абул-Ҳасан Али ибн Абу Мусо ал-Ашъарий (873—941) эди. Бу киши Шарқда каломчилар оқимининг асосчиси бўлиб, бу соҳада анчагина асарлар ёзган эди. Ал-Ашъарий аслида ислом фалсафасида машҳур бўлган ашъария оқими асосчиси саналади. Тожиддин Абу Наср Абдулваҳҳод ас-Субкийнинг (туғилган йили 1327) хабар беришича, «Қаффол аш-Шоший олим ал-Ашъарийдан калом илмини ўрганар ва ўз навбатида ал-Ашъарий ундан қонуншунослик соҳасини ўрганар экан».
Араб олими ва библиографи ибн Халликон (1211—1282) ўзининг «Вафоёт ал-аъён» («Улуғ кишилар вафоти») деган асарида Қаффол аш-Шоший ҳақида тўхтаб шуларни ёзади: «Қаффол аш-Шоший ҳадис илмини билган, тилшунос, шоир одам эди. Ўша вақтда Мовароуннарҳрда у кишига тенг келадиган олим йўқ эди. Бу киши Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом (Сурия) ва бошқа ўлкаларга саёҳат қилиб, ҳамма ерда ҳам ном таратди… у кишининг кўп асарлари бўлган».
Қаффол аш-Шоший қонуншунослик, мантиқ каби соҳаларга оид асар ёзган. Унинг «Одоб ал-қози» («Қозининг феъл-атвори»), «Одоб ал-баҳс» («Баҳс одоби») деган таълифи бўлиб, араб тилидаги шеърлари маълум. Бу хусусда юқорида зикр қилинган араб олими ибн Халликон ёзади: «Қонуншунослардан дастлаб отилиб чиқиб «Ҳусни жадал» («Диалектика гўзаллиги») деган асар ёзган киши ҳам шу Қаффол аш-Шоший эди».
Қаффол аш-Шоший яхши шоир ҳам бўлиб, ўз шеърларини араб тилида ёзган. Аммо унинг шеърий ижоди давримизгача етиб келмаган, фақатгина ас-Субҳийнинг «Табақат аш-Шофииййа» («Шофииййа мазҳаби даражалари») деган китобда унинг шеърларидан парчалар сақланиб қолган. Унинг ўша шеърларида шундай сатрлар ҳам бор:
“Кимки уйимга меҳмон бўлиб келадиган бўлса, дастурхоним доимо унинг учун ёзилган бўлади. Кимки менинг дастурхонимдан бирор нарса еса, (билсинки) ундаги барча ноз-неъмат пешона терим билан топилган, (яъни) ҳалол бўлади.
Биз бор-будимизни меҳмон олдига қўямиз. Бордию (қўйишга) нарса тополмасак, у ҳолда сабзавот билан сирка қўямиз. Шунда беғараз, кўнгли очиқ одам бўлса, у бунга рози бўлиб кўнади; бордию бахил бўлса, у ҳолда уни мен тузата олмайман”.
Қаффол аш-Шошийнинг қонуншуносликка доир асари давр тақозосига кўра ислом тарқалган мамлакатларда кенг кўламда ёйилди.
ф.ф.д. А. Ирисов