Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Наср Форобий (873-950) 4-бўлим

By 15.06.2020No Comments

Форобий «Юлдузлар ҳақидаги қоидаларда нима тўғри ва нима нотўғрилиги тўғрисида» рисоласида осмон жисмлари билан ердаги ҳодисалар ўртасидаги табиий алоқаларни, хусусан булутлар ва ёмғирлар пайдо бўлишининг Қуёш иссиқлиги таъсирида буғланишга сабабий боғлиқлигини ёки Ой тутилиши Ернинг Қуёш билан Ой ўртасига тушиб қолишига боғлиқ эканлигини кўрсатган эди. Бу билан у осмон жисмларига қараб «фол очувчилар»ни фош қилди. Форобий арзон металларни қимматбаҳо металларга айлантиришга уринувчиларни (қ. Алкимё) танқид қилиб, кимёга табиий илмларнинг бир қисми сифатида қаради. Форобий табиблик билан бевосита шуғулланмаган бўлса-да, назарий тиббиётни яхши билган. Унинг тиббий қарашлари «Инсон аъзолари ҳақида» рисоласида баён қилинган. У инсон аъзоларини, турли хил касалликлар сабабини, уларнинг пайдо бўлиш шароитларини алоҳида-алоҳида ўрганишни, организмнинг саломатлигини тиклаш учун керакли озиқ-овқатларга эътибор беришни қайд этади. Инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати ташқи омиллар, муҳит таъсирига боғлиқлигига эътибор беради. Унинг тиббиёт вазифаси, мақсади ҳақидаги қарашлари Ибн Синонинг бу ҳақдаги қарашларига катта таъсир кўрсатди.
Форобий дунёқарашининг шаклланишига асосан Шарқнинг қадимги илғор маданияти анъаналари, араб халифалигига қарши халқ ҳаракатлари, ўрта аср табиий-илмий тафаккур ютуқлари, Юнонистоннинг фалсафий мероси таъсир кўрсатди. Форобий аввалам-бор Аристотель таълимотини тиклаш, асослаш ва илғор томонларини сўнгги илмий ютуқлар асосида ривожлантиришга ҳаракат қилиб, Шарқ аристотелизм оқимини вужудга келтирди. Бу оқимнинг услуби, муҳим масалалари, категорияларини ишлаб чиқди.
Форобийнинг фалсафий таълимоти моҳият-эътибори билан анъанавий илоҳиёт — каломдан тубдан фарқ қилиб, илмий ғоялар билан йўғрилгандир. Форобий фалсафасига кўра, олам ягона мавжудотдан иборат, ягона вужуд-вужуди вожиб, яъни азалий вужуд — биринчи сабаб ҳамда вужуди мумкин — яратилган, келиб чиққан вужудлар натижаларидан иборатдир. Аллоҳ — азалий вужуд (вужуди вожиб) ҳамма нарсанинг ибтидоси, барча вужудлар — вужуди мумкин ундан аста-секинлик билан поғонама-поғона келиб чиқади, бунинг сўшти поғонаси моддадир. Унинг фикрича, табиат модданинг турли шаклларининг пайдо бўлиши, сабаб-оқибат муносабатлари асосида, муайян изчиллик ва зарурат бўйича кечадиган тадрижий жараёндир. Форобий «Масалалар моҳияти», «Ўзгарувчан нарсалар ҳақида» рисолаларида модда фазода ҳам, вақтда ҳам чекланмаган, интиҳосиз деган фикрни илгари суради. Шу тарзда пантеизмнинг Шарқцаги кўриниши вужудиюн таълимотини янги ғоялар билан бойитди.
академик М. М. Хайруллаев