Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Мансур ал-Мотуридий (870-944)

By 27.06.2020No Comments

Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридийа оқимининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оздир. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жонбой районида жойлашган) бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.
Ал-Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра IX асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверади.
Абу Мансур ал-Мотуридий туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. У Самарқандда 944—945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга кўмилган.
Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Айозий мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Ал-Мотуридий Абу Бакр Аҳмад ал-Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ал-Ийодий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Йаҳйо ал-Балхий, Муҳаммад ибн ал-Фадл кабиларни ўзининг устози деб билган.
Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиргандир. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) «Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб ан-Нуъмон» («Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб») номли китобида ал-Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: «Китаб Тавҳид» («Алломани яккалашлар китоби»), «Китаб Мақомат», «Китаб рад авомил лил адила лил кабий» («Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб»), «Китаб байон ва ҳум ул-муътазила» («Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни»), «Китаб Таъвилот ал-Қуръон» («Куръон таъвили китоби»).
Лекин Ҳожи Халифанинг (1609—1659) «Кашф аз-зунун ан-асомил кутуб ва-л-фунун» («Китоб ва фанлар номлари ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш китоби») китобида эътироф этилишича, яна Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Ма ҳази аш-шариъа» («Шариат асослари сараси»), «Китаб ал-жадал» («Диалектика ҳақида китоб») каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари ал-Мотуридийнинг «Китаб ал-усул» («Диний-таълимот усули китоби») асари ҳам маълум.
Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади.
илмий ходим Ш. Ю. Зиётов