Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824-892) 3-бўлим

By 04.06.2020No Comments

Ат-Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. «Ал-жомиъ» («Жаъмловчи»). «Аш-шамоил ан-насавийа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари»), «Ал-илал фи-л-ҳадийс» («Ҳадислардаги оғишишлар»), «Рисола фи-л-хилоф ва-л-жадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «Ат-тарих» («Тарих»), «Китоб аз-зуҳд» («Тақво ҳақида китоб»), «Китоб ул-асмо ва-л-куна» («Исмлар ва лақаблар ҳақида китоб») каби асарлар шулар жумласига киради.
Ат-Термизийнинг асарлари ичида энг машҳури, шубҳасиз, «Ал-жомиъ» бўлиб, аввал эслатиб ўтганимиздек, пайғамбар алайҳиссаломга доир олтита ишончли ҳадислар тўпламларидан биридир. Ушбу асар илмий адабиёт ва манбаларда «Ал-жомиъ ал-кабир» («Катта тўплам»), «Ал-жомиъ ус-саҳийҳ» («Ишончли тўплам»), «Жомиъат-Термизий» («Термизий тўплами»), «Сунан ат-Термизий» («Термизий суннатлари») номи билан ҳам аталиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ва фаолиятига доир муҳим манбалардан ҳисобланади.
Ат-Термизийнинг машҳур таълифларидан яна бири «Аш-шамоил ан-набавийа» («Пайғамбарнинг алоҳида фазилатлари») бўлиб, баъзи манбаларда «Аш-шамоил фи шамоил ан-набий саллолоҳу алайҳи васаллам» номи билан ҳам келтирилган. Номидан ҳам кўриниб турибдики, бу асар пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсий ҳаётлари, у кишининг суврат ва сийратлари, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, пайғамбар алайҳиссаломнинг фазилатлари, одатлари ҳақидаги ҳадисларни тўплаш билан жуда кўп муҳаддислар шуғулланганлар ва бу хилдаги ҳадислар турли-туман китоблардан ўрин олган. Лекин ат-Термизий асарининг афзаллиги шундаки, у ҳадисларни мунтазам равишда тўплаб, муайян тартибга солган ва яхлит бир китоб ҳолига келтирган. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётига доир муҳим манба сифатида «Аш-шамоил ан-набавийа» азаддан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келди. Араб тилида ёзилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Шу билан бир қаторда ушбу асарнинг тили равон, услуби ғоятда оддийлигини ҳам қайд қилиб ўтиш ўринлидир. Асарнинг форс ва турк тилларига таржима қилиниши ҳам унга бўлган қизқишнинг катталигидан далолат беради.
«Аш-шамоил ан-набавийа»нинг биринчи қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суврат (ташқи қиёфа)ларига, иккинчи қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса ички дунёларию ахлоқий фазилатларини баён қилишга бағишланган.
«Аш-шамоил ан-набавийа»нинг XVI асрга оид бир қўлёзмаси Тошкентда, Мовароуннаҳр мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. 1980 йилда Тошкентдаги Диний бошқарма буюртмаси билан «Аш-шамоил ан-набавийа»нинг ушбу қўлёзмаси офсет услубида нашр этилган бўлиб, унга қисқача сўзбоши Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси ҳайъатининг собиқ раиси, марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари томонидан ёзилган.
«Аш-шамоил ан-набавийа» сўнгги йилларда ҳам Тошкентда бир неча бор нашр этилди. Бундан ташқари алломанинг 1200 йиллик юбилейи (1990) муносабати билан газета ва журналларда у ҳақида кўплаб мақолалар чоп этилди.
Хулоса қилиб айтганда, буюк ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий бизга бой ва катта илмий мерос қолдирган. Афсуски, ҳозирча бу қимматбаҳо мерос жумҳуриятимизда етарлича ўрганилгани йўқ. Кенг жамоачилик оммаси ҳам унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ғоятда оз маълумотга эга.
фил. ф.н. У. Уватов