Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Бакр ал-Хоразмий (935-993)1-бўлим

By 30.06.2020No Comments

Абу Бакр ал-Хоразмий 323 ҳижрий (935 милодий) йили Хоразмда туғилиб, асосий маълумотини шу ерда олади. Умрининг гуллаган даврида (20—25 ёшларда) ватандан чиқиб Ироқ ва Шомга боради, етук олим ва шоирлар билан танишиб, улардан таълим олади. Кейин Ҳалабга бориб, машҳур ҳамдамийлар амири, шоир ва олимлар ҳомийси Абулҳасан Сайфуддавла (944—967) билан танишиб, унинг саройида хизмат қилади. Сўнг Бухорога келади, Сомонийлар саройида яшаб, вазир Абу Али ал-Бальамий (960—974 ва 992—996) билан дўстлашади, лекин у билан муносабати ёмонлашиб, Нишопурга йўл олади. Бу ердаги таниқли шоирлар Абулҳасан ал-Қазвиний, Абу Мансур ал-Бағавий ва Абулҳасан ал-Ҳакамийлар билан дўстлашиб, уларнинг шоирлик маҳоратидан баҳраманд бўлади.
Умуман Хоразмийнинг умри фожиалар ва роҳатбахш этувчи онларга тўла. У турли шаҳарларда бўлиб, қамоқда ҳам ётиб чиқади, амирларнинг эътиборига тушиб бойлик ҳам орттиради, амалдорларнинг ғазабига учрайди ва ҳ. к. Абу Бакр ал-Хоразмий Нишопурга келиб, бу ерда муқим яшай бошлайди. Талабаларга дарс беради, шеър ёзишни ўргатади, нишопурлик машҳур адиб, шоир ва олимлар, шулар қатори ас-Саолибий билан дўстлашиб, уларнинг мажлисларида иштирок этади. Яна Сомонийлар вазири ал-Утбий сиқувидан қутилиш учун қочишга мажбур бўлади. Шоир бир неча вақтдан сўнг яна Нишопурга қайтади, умрининг охирида яккаланиб қолади ва ҳаётининг кейинги даври оғир мусибатлар билан ўтади. У ҳижрий 383 (милодий 993) йили Нишопурда вафот этади.
Абу Бақр ал-Хоразмийнинг адабий меросидан араб тилидаги катта шеърий девони ва «Рисолалари» бизгача етиб келган. Абу Бакр ал-Хоразмий «Рисолалари» X аср насрий адабиётининг машҳур ёдгорлиги ҳисобланади. Тил ва услуб жиҳатдан ниҳоятда пухта ишланган бу асар сажъ (қофияли наср) билан ёзилган бўлиб, шоир замонасидаги машҳур кишилар: амир, вазир, лашкарбоши, қози, амалдор, фақиҳларга, адиб ва тилшунос олимларга, яъни ал-Хоразмийнинг дўстлари ва ҳомийларига ёзилган хатлардир. Рисолалар мазмуни турли байрамлар, юқори мартабага кўтарилиш ва бирор муваффақиятни қўлга киритиш, ўлим, мансабдан четлатилиш, касаллик ёки уруш хавфи каби муносабатлар билан табрик ёки қайғу изҳор этиб, тасалли бериш, туҳфалар учун ташаккур айтиш кабилардир. Рисолалар орасида ал-Хоразмийнинг ўз шогирдларига ёзган мактублари ҳам кўплаб учрайди.
Ал-Хоразмий рисолаларининг аксарияти илм-фан, ақл-одоб, адолат, ҳиммат, дўстлик каби муҳим ижтимоий масалаларга бағишланган бўлиб, уларда қўлланган иборалар халқ ҳикматли сўзларига айланиб кетган.
илмий ходим И. Элмуродов