Skip to main content
Yangiliklar

Мулоҳаза учун мавзу: Эгасини виждон азобида қолдирган хулоса

By 25.05.2020No Comments

Кутилмаган жарроҳлик туфайли ишга шошилинч чақирилган жарроҳ туш маҳалида шоша-пиша касалхонага етиб келди. Жарроҳлик кийимларини кияётганида кимдир эшикни зарб билан очиб, ичкарига отилди.

“Нега шунча кеч қолдинг? Ўғлимнинг ҳаёти хавф остида эканини билмасмидинг? Қанақа масъулиятсиз дўхтирсан?” ўшқирди ичкарига ўқдай кирган, чамаси 40 ёшлардаги киши.
Жарроҳ унга юзланди ва жилмайишга уриниб, уни тинчлантирди. “Мени кечиринг, илтимос,” деди.

“Нима? Кечиринг?! Агар ўзингни ўғлинг ўлим тўшагида ётганида кўрардим аҳволингни?” беморнинг отаси яна заҳар сочди. Ёрдамчи шифокор аламзада отани тинчлантиришга уринарди.Жарроҳ хотиржамлик билан яна жилмайди ва беморнинг отасига қўлидан келганича ҳаракат қилишини, яхшиси асабийлашмасдан ўғли учун дуо қилишини сўраб, хонадан чиқиб кетди. “Азобни ҳис қилмасдан туриб маслаҳат бериш жуда осон. Сенларнинг ҳамманг ана шунақа – масъулиятсиз ва беғам санлар,” минғирлади ота ноиложликдан.

Икки соатча давом этган жарроҳликдан кейин жарроҳ чиқди. Аввалига қўлқопини, сўнг бош кийимини ечиб, ғазаб ўрнини умид эгаллаган нигоҳда боқиб турган ота томонга келди. У хотиржамлик билан ҳаммаси яхши ўтганини, хавф ортда қолганини айтиб, кўп ўтмасдан шифохонадан шошганча чиқиб кетди.

“Намунча такаббур, димоғи баланд? Ўғлимнинг аҳволи ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўзини жуда банд қилиб кўрсатишга уста экан бу муғомбир,” деди ота ўғли учун дори тайёрлаётган ёрдамчи ҳамширага қараб.

“Аслида у жуда яхши одам,” деди ҳамшира. “Кеча автоҳалокат туфайли ўғлидан айрилди. Биз қўнғироқ қилганимизда ўғлининг дафн маросимида эди. Ўғлингизни асраб қолгач, дафн маросимини якунлаш учун шошиб чиқиб кетди,” деди жиққа ёшга тўла кўзларини яширишга уринаётган ҳамшира.Бу жавобни эшитган ота ўрнидан шамолдай қўзғалиб, виждон азобида жарроҳнинг ортидан чопди.