Skip to main content
Yangiliklar

Мулоҳаза учун мавзу: Дунёда яхшилар бор экан-қиёмат бўлмайди…

By 13.05.2020No Comments

Танишимни илтимоси билан бир хонадонга иш билан бордик. Хонадонда ёшлари саксон бирга кирган онахон истиқомат қилар экан. Тикувчилардан қолган қийтимлардан чойнак кийдиргич, чойнакни тагига қўядиган нарсалар ва кўрпа қовиб тирикчилик қилар экан.
Тан олиш керак, юртимиздаги кўплаб қариялар билан гаплашсангиз энсангиз қотади, бўлар бўлмас гаплар билан бошингиз оғрийди. Аммо онахонни юзларидан нур ёғар, ҳар-бир каломлари Қурон ва ҳадисдан иборат. Хуллас, гаплашсангиз қалбингиз ором топади. Юмуш билан келганим ҳам эсимдан чиқиб кетди. Мириқиб суҳбатлашдим. Онахонни айтиб берган бир воқеалари эса жуда ҳам тўлқинлантирди. Қуйида шу воқеани келтираман:
“Ёшим саксонга қараб яқинлашгани сари, Аллоҳдан чин кўнгилдан дуо қилардим. Ҳар намозимда “я, Аллоҳ, байтингни тавоф қилишни менга насиб айла”, деб дуо қилардим. Чолимдан эрта тул қолдим. Бир ўғлим эрта оламдан ўтди. Икки қизим уйли-жойли бўлиб, ўзидан тинчиб кетган. Бир неварам билан ўзим яшайман. Умр бўйи кўрпа қовиб, қийтимлардан бир нарсалар ясаб, ҳалол тирикчилик қилдим. Аллоҳга шукр, ризқимни берди. Ортира олмаган бўлсам ҳам зориқиб, бировдан тиланмадим. Ҳажга кетаётганларни кўрсам юрак бағрим оқиб кетарди. Йиғлаб дуолар қилардим. Аллоҳ, менга ҳам насиб айла, деб тинимсиз нола қилардим. Эй, болам, бир кун эшик тақиллади. Чиқсам Маҳалладан экан. “Она тез кийиниб чиқинг, иш бор” дейишди. Кийиниб, ортларидан эргашдим. Тўғри банкка олиб боришди. Бир дунё пулни кассага топшириб, қўл қўйишимни сўрашди. Нима бўлаётганини тушунмай анграйиб турсам, бир йигит “Ҳолажон, қўлни қўяверинг, ҳали ҳурсанд бўласиз”, деди. Пулни тўлаб чиқдик. Бояги йигит қўлимга 500 $ (беш юз доллор) пул берди-да: “ҳажга борасиз. Тайёргарликни кўраверинг” – деди. Бошим айланиб, тилим калимага келмай қолди. Бир оздан сўнг ўзимга келиб “ҳой, боласи тушмагур, тушунтир, нима бўляпти ўзи?” дедим. “Мен ҳам билмайман, она. Бир яхши одам бошқа бир йигитчадан пул жўнатиб, шу ҳайрли ишга мени масъул қилибди. Биз ҳам ким бу ишни қилганидан бехабармиз. Дуо қилиб қўяверасиз”, деди.
Аллоҳнинг мўжизасига тан бердим. Дуолар қилдим. Йиғлаб-йиғлаб тайёргарликни кўрдим-да, ҳажга жўнадим. Ҳаждаги воқеалар ўзи бир дунё. Ҳамма амалларни бажардик. Аллоҳдан мени байтини кўришга сабабчи бўлган инсон ҳаққига дуо қилдим. Арконларни бажариб, ортга қайтиш бошланди. Уйга қайтар эканман, уйимни холатидан бир оз ҳижолат чекдим. Таниш-билишлар зиёратга келса, бир-оз ноқулай бўлади, деб ўйладим ўзимча. Уйга келиб, не кўз билан қарайки дарвозам бошқа. Уйимни танимадим. ичлари оҳланиб, бир чиройли, кўз кўрса қувнайдиган холатга келтирилибди. Буни ҳам ўша кўринмас одам қилганмиш. Ўша воқеаларга икки йилдан ошди. Ҳали ҳам ўша инсон ҳаққига дуо қиламан. Кимлигини эса билмайман. Дунёда яхшилар бор экан – қиёмат бўлмайди”

Мана, эшитган воқеам мана шу. Мен жуда таъсирландим. Ғоибона яхшилик қилган инсон ҳаққига мен ҳам дуо қилдим. Онахон тўғри айтдилар “Яхшилар бор экан, қиёмат бўлмайди”.

Саййид Ислом