Ҳадис илмининг ривожида олтин давр ҳисобланган ҳижрий, учинчи (милодий тўққизинчи) асрда ҳадисшуносликда катта муваффақиятлар қўлга киритилган. Чунончи, бутун ислом дунёсидаги энг нуфузли манбалар деб тан олинган олтита ишончли ҳадислар тўпламининг (ас-сиҳоҳ ас-ситта) муаллифлари яшаб ижод қилганлар. Яна шуниси диққатга сазоворки, мазкур олти муҳаддиснинг деярли ҳаммаси Марказий осиёлик бўлиб, улар: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож (206/819—261/874), Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий (209/ 824—279/892), Имом Абу Довуд Сулаймон Сижистоний (202/817— 275/880), Имом Аҳмад Ан-Насоий (215/830—303/915), Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язиб ибн Можжа (209/824—273/886) каби сиймолардир. Шулар ичидан «Ҳадис илмида амир ал-мўминийн» деган шарафли номга сазовор бўлган Имом ал-Бухорий алоҳида эътиборга молик буюк олимдир.
Унинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 20 июль)да Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бошқа кўпгина олимлардан фарқли ўлароқ ал-Бухорий туғилган сана аниқ кўрсатилишига сабаб шуки, унинг отаси Исмоил ўз даврининг илмли одамларидан бўлиб, ўғлининг туғилган кунини ўз қўли билан ёзиб кетган қоғоз замондош олимлар ихтиёрига етган ва шу хусусда ҳам унинг аниқлигига ҳеч шубҳа йўқ. Ал-Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, онаси тарбиясида ўсган. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга ҳаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллайди. Манбаларда кўрсатилишича, у ўн ёшидан бошлаб ўз юртидаги турли ривоятчилардан эшитган ҳадисларни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ва Вакий каби олимларнинг ҳадис тўпламларини мутолаа қилиб, ёдлаган, устози Шайх Доҳилий билан ҳадис ривоятчилари ҳақидаги қизғин баҳсларда қатнашган. 825 йили ўн олти яшар ал-Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Ҳижозга қараб йўл тутади, муқаддас шаҳарлар Макка ва Мадинани зиёрат қилиб, олти йил Ҳижозда яшаб, ҳадис илмидан ўз билимини янада ошириш мақсадида ўша пайтда илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшаб, у жойлардаги машҳур олимлардан ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан ҳам таълим олади, йирик олимлар даврасида илмий баҳслару мунозараларда қатнашади ва илм толибларига дарс ҳам беради. Имом ал-Бухорий ҳаётининг кўп қисми хорижий элларда, мусофирчиликда ўтади. Бу ҳақда унинг ўзи: «Миср, Шом, Месопатамияга икки мартадан, Басрага тўрт марта борганман. Ҳижозда олти йил яшаганман, Бағдод ва Куфа шаҳарларига неча марта борганим ҳисобини билмайман», деган экан. У сафар чоғида ҳам, бир шаҳарда муқим турганда ҳам илмини ошириш борасида тинимсиз ишлар, тўплаган ҳадисларини оққа кўчирар эди. Муаллифнинг ёзишича, Бағдодда истиқомат қилган пайтда кўпинча ойнинг нурида ижод қилиб, қоронғи кечаларда шам ёруғида китоб ёзар экан.
фил. ф.н. У. Уватов
Имом ал-Бухорий мақбараси. Самарқанд /фото/