Маълумки, Ўрта асрда Бағдодда вужудга келган илмий мактаб — «Ҳикматлар уйи» («Байт ул-ҳикма») Шарқ халқлари фани тарихида алоҳида аҳамият касб этди. Бу марказда фаолият кўрсатган алломалар ўша давр илмлари, хусусан, аниқ фанларнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, қадимги юнон, ҳинд ва бошқа халқлар илмий меросини ўқиб ўргандилар, уларни таҳлил қилиб, янги ғоялар билан бойитдилар. Натижада, уларнинг қаламига мансуб бўлган қатор асарлар пайдо бўлдики, бу асарлар Ўрта acp илмининг ноёб дурдоналарига айланди.
IX-XI асрларда бугун мусулмон Шарқи фани ва маданияти тараққиётида Марказий Осиё донишмаңдлари етакчи мавқени эгаллаган бўлса-да, мусулмон маданиятининг «олтин даври» деб эътироф этилган ушбу даврда яшаган бу алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳозирга қадар тўлиқ аниқланмаган. Марказий осиёлик олимларнинг маълум қисми халифа ал-Маъмун тарафидан танлаб олиниб, пойтахт Бағдодга олиб кетилган. Улар орасида хоразмлик буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий, фарғоналик машҳур астроном Аҳмад ал-Фарғоний, ўша даврдаги Фороб (ҳозирги Гавҳартепа) минтақасидан чиққан йирик астроном ва математик ал-Аббос ал-Жавҳарий, Бағдод ва Дамашқ шаҳарларидаги астрономик тадқиқот ва кузатишларнинг ташкилотчиси марвлик Яҳё ибн Абу Мансур ва бошқалар бўлган.
Бағдод илмий мактабида фаолият кўрсатган йирик астроном ва математиклардан яна бири Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий бўлиб, у «Ҳабаш ал-Ҳосиб» («Ҳабаш ҳисобчи») лақаби билан танилган. Унинг исмидаги ал-Марвазий рутбаси эса муаллифни ҳозирги Туркманистоннинг Байрам Али шаҳри яқинидаги Марвдан эканлигини кўрсатади. Олимнинг исми ва баъзи асарлари ўрта acp муаллифларидан Ибн ан-Надим (X acp), Ибн ал-Қифтий (1173—1248) ва Ҳожи Xaлифалар (1609—1657) томонидан зикр этилади. Жумладан, Ибн ан-Надим уни юз йилдан ортиқ яшаган, деб маълумот бериб, Марвазийнинг етгита китобининг номини санаб ўтади. Ибн ал-Қифтий эса унинг асли марвлик бўлиб, халифа ал-Маъмун ва ал-Муътасим замонида Бағдодда фаолият кўрсатганлигини айтади. Олимнинг яшаган умрини Ибн ал-Қифтий юз йиллар атрофида, деб хабар беради.
т.ф.н. Б. Абдуҳалимов
Қадимги Марв харобалари. Туркманистон