Skip to main content
Yangiliklar

Дўстлик қоидалари, дўсту душманни фарқлай билиш

By 14.05.2020No Comments

Бирор кимса билан дўстлик йўлини тутиш ва суҳбатдош бўлишда саккизта ҳақ мавжуд бўлиб, уларга тула амал қилиш муҳимдир.

Биринчиси мол ҳақи бўлиб, унда учта даража мавжуд. Биринчи даража шундайки, сен ўз аёл ва фарзандларингни қандай муҳофаза қилиб, бекаму-кўст яшашларини буйнингга олган бўлсанг, дўстларга нисбатан ҳам шундай йўл тутасан. Иккинчи ва учинчи даража шундайки, сен дўстларингни ҳам ўзингдек тасаввур қиласан, масалан, сен ўз мол-мулкингга қандай эгалик қилсанг, уларни сарфлашда қанчалик эркин бўлсанг, дўстларингни ҳам худди шундай йўл тутишларига имкон берасан. Учинчи ва олий даража шундайки, дўстларингнинг ишини ва уларнинг манфаатини ўз манфаатингдан юқори қўясан.
Иккинчи нафс ҳақидир. Бу шундан иборатки, дўстлар бошига иш тушиб, сендан. нарса ёки ёрдам сўраб келмасидан аввал сен уларнинг ҳожатларини раво қилишга киришасан.

Учинчиси тил ҳақидир. Тил дейишдан мурод нутқдир, яъни дўстга қаттиқ гапирилмайди, унинг айблари юзга солинмайди, камчилиги одамлардан бекитилади, яхшилиги мақталади, ёлғон муомала қилинмайди, унинг шодлиги ва сурурига сабаб бўладиган ҳақ гаплар гапирилади.

Тўртинчи ҳақ аъзолар ҳақидир, яъни унинг жисм аъзоларидан бирор ёмонлик ёки нуқсон ҳосил бўлса, уни кечиради. Бирор ишда узрни пеш қилса уни кечиради.

Бешинчиси вафо ҳақидир. Вафонинг маъноси эса дўстлик бобидаги сабот, унга ўлгунча риоя қилишдир. Ўлгандан кейин эса бу ҳақни унинг болаларига ёки дўстларига нисбатан давом эттиришдир. Шунинг учун донолар: «Тириклигида кўрсатилган кўп вафодан ўлгандан кейин курсатилган озгина вафо афзалдир!» дейдилар. Чунки улгандан кейин ҳам давом этган вафо тириклик пайтидаги вафога қараганда соф ва тоза, риёдан холи бўлади.

Олтинчиси ихлос ҳақидир. Бу шундан иборатки, дўст узоқда ёки олдида бўлган пайтларда ҳам бир хилда туради, ўзгармайди, икки уртада бўлган муҳаббат ва садоқатга риоя қилишда заррача нуқсонга йўл қуймайди.

Еттинчиси йўқлаш ҳақидир. Бу шундан иборатки, ўлик ёки тириклигида унинг ўзини ҳам, авлодини ҳам яхши сўзлар билан тилга олади. Уларга ҳамиша омад тилайди, ўзига неки яхши нарса тиласа, уларга ҳам қушиб тилайди.

Саккизинчиси ўзни тия билиш ҳақидир. Бу шундан иборатки, такаллуфни умуман тарк этади, ноурин ҳар қандай такаллуфларга йўл қуймайди. Чунки такаллуф носазо иш бўлиб, унинг ўзини ҳам, дўстларни ҳам қийнайди ва ноқулай аҳволга солиб қўяди.