Skip to main content
Yangiliklar

Бугун 14 май – шоир ва драматург Уйғун туғилган кун

By 14.05.2020No Comments

Шоир ва драматург, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг мухбир аъзоси Уйғун (асл исм-шарифи Отақўзиев Раҳматулла) 1905-йил 14 майда Жамбул вилоятининг Марки қишлоғида таваллуд топган.
Уйғун тинчлик учун кураш, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик сингари ўша давр адабиёти учун муҳим ҳисобланган мавзуларда кўплаб шеърлар ёзган, шунингдек драматургия жанрларида ҳам қалам тебратган.

«Навбаҳор» драмасида кўтарилган қишлоқ мавзуини яна давом эттириб, хотин-қизларнинг жамоа хўжалигига моҳирлик билан раҳбарлик қилиши мумкинлиги («Ҳуррият», 1959), пахта яккаҳокимлиги даври фожиалари («Парвоз», 1963), шахсга сиғинишнинг қишлоқ шароитидаги оқибатлари («Шубҳа», 1961), тиббиёт ходимларининг инсон саломатлиги учун масъуллиги («Қотил», 1965) каби масалалар ҳақида баҳс юритувчи пьесалар ёзган.

Уйғуннинг ёшлар маънавияти муаммосига бағишланган «Парвона» (1966) комедияси жамоатчилик томонидан самимий кутиб олинган. Уйғун Ўрта Осиё халқларининг машъал сиймолари ҳақида ҳикоя қилувчи «Абу Райҳон Беруний» (1973), «Абу Али ибн Сино» (1979), «Зебуннисобегим» (1982) тарихий драмаларини яратдики, бу асарлар «Ҳуррият», «Парвона» ва «Парвоз» пьесалари билан бирга драматург ижодининг 3-босқичидаги ютуқлари ҳисобланади.Уйғун биринчи ўзбек балети «Гуландом» (1939) либреттоси муаллифи, «Ўзбекистон қиличи» (1942) пьесаси, «Алишер Навоий» (1947) ва «Авлиёнинг саргузаштлари» (1958) киносценарийларининг эса муаллифларидан бири.Уйғуннинг адабий меросида таржима асарлар алоҳида ўринни эгаллайди. Урушгача бўлган даврда А. С. Пушкин ва М. Ю. Лермонтов асарлари таржимасида муайян тажриба орттирган шоир кейинчалик Л.Н.Толстойнинг «Ҳожимурод», А.П. Чеховнинг «Чайка», У. Шекспирнинг «Юлий Сезар» ва «Вероналик икки йигит» асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1984).