Skip to main content
Yangiliklar

Умматқул Жўраев: “Вилоятда паратаэквондони ҳам ривожлантиришни бошлаганмиз”

By 22.04.2020No Comments

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси Фарғона вилоят бўлими ижрочи директори Умматқул Жўраев билан суҳбат.

– Фарғона вилояти – таэквондо билан шуғулланадиган энг катта ҳудуд. Вилоят кесимида кандай ишлар амалга оширилмокда, ҳар бир туманда секциялар борми?
– Вилоят ҳокимлиги ва Вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан таэквондо WT спорт турига катта эътибор қаратилган. Фарғона вилоят бўлими спортчилари 2530 нафар бўлиб, уларга хозирги кунда 69 нафар мураббийлар машғулот олиб боришмоқда. Бўлимнинг иш фаолияти бўйича Фарғона вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси билан хар йили тақвим режа ва йиллик чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб хар бир мураббий ва ҳакамлар билан иш олиб борилмоқда. Туманлардаги секцияларимиз фаолияти барча туманларда мунтазам олиб борилмоқда. Эндиликда Дангара ва Сох туманидаги иш фаолияти олиб бориш режалаштирилмокта.

– Ўсмирлар, ёшлар ва асосий таркибга давогар бўлган спортчилар учун алоҳида машғулотлар ҳам ташкил этиладими?
– Ўтган 2019 йил давомида Фарғона шаҳрида Фарғона вилоят таэквондо WT спортчилари шунингдек ўсмирлар, ёшлар ва катталар асосий таркиби учун 2 маротаба ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилди. Бунинг самараси вилоятимизда таэквондо WT турини оммалашиши ва Республика чемпионати ҳамда кубокларида вилоятимиз спортчилари кўплаб совринли ўринларни қўлга киритишди. Хозирги кунда COVID-19 вируси тарқалганлиги ва карантин эълон қилинганлиги сабабли уйда қолиб вилоят мураббийлари билан онлайн тарзда масофадан туриб иш олиб бормоқдамиз.

– Клубларда спорт жиҳозлари етарлими? Шуғулланиш учун имкониятлар борми?
– Фарғона вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ва БЎСМлар томонидан спорт жихозлари даян тўшамалари имконият даражасида етказиб берилмоқда. таэквондо WT жиҳозлари бўйича Вилоят федерациямиз томонидан хар бир секциялар таъминлаб борилмоқда. Жорий йилнинг сентябр ойида ҳомийларимиз томонидан Электрон мослама олиш режалаштирилган.

– Вилоятда Республика ва халқаро мусобақаларни ташкил этиш режаси?
– Вилоятимизда Республика чемпионати ва ҳалқаро мусобақалар ўтказиш масаласида Республика Ассоциациямиз томонидан рухсат бўлса албатта ўтказиш мақсадидамиз.

– Вилоятда кечаги таэквондо қандай эди, бугунги ва келажакдаги таэквондо қандай бўлади?
– Вилоятимизда таэквондо WT турини кечаги ва бугунги куни хақида гапирсак бунга бир нима дейиш жуда қийин, яъни хозирги такомиллашув даврида хар бир вилоятдан кучлилар етишиб чиқмоқда. Барчага сир эмас олдинлари фақат Тошкент шаҳрида кучли тренер ва спортчилар бўлса хозирги кунда вилоятимиздан ҳам яхши маҳоратли тренер, спортчилар етишиб чиқмоқда. Вилоятимиз кечаги кунида тажрибали тренерлар камчиликни ташкил этган бўлса хозирда тажрибали тренерлар кўплаб топилади. Келажакдаги олдимизга қўйилган мақсадимиз вилоятимизни республикада биринчи ўринга олиб чиқиш.

– Ҳакамлар, мураббийлар фаолияти ҳақида хам тўхталиб ўтсангиз?
– Фарғона вилоят таэквондо мураббийлари хозирги замонавий таэквондо билан ҳам нафас иш олиб боришмоқда. Мураббий ва ҳакамлар фаолиятига келсак хар бир вилоят чемпионатлари олдидан мураббий ва ҳакамлар учун семинарлар ташкиллаштирилиб келинмоқда. 69 нафар мураббийлар спортчиларга таэквондонинг сир-асрорларини ўргатиб келади. Шулардан 1 нафари 3-дан, 1 нафари 2-дан ҳамда 67 нафари 1-дан ҳисобланади. Шунингдек уларнинг 5 нафари олий тоифали мураббийлар сирасига киради. 2019 йилда Россия давлатида ўтказилган Москва Опен-2019 мусобақаларида вилоятдан 7 нафар спортчи иштирок этиб 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 бронза медали соҳиблари бўлишди. 2019 йил Иорданиянинг Амман шаҳрида Осиё чемпионатида вилоятимиз спортчилари Фотима ва Зуҳра Тожиматова иштирокчи бўлиб қайтишди. Бўлимда жами 20 нафар ҳакамлар фаолият олиб боради. Шулардан 6 нафари Республика миқиёсидаги мутахасислар бўлиб улар Мамлакат ва Халқаро турнирларда бевосита ҳакамлик қилади.

– Вилоят раҳбари сифатида нима қилишим керак деб ўйлайсиз?
– Малакали хакамлар томонидан вилоят хакамларига ўқув семинарлар ташкил этилиб хозирги кунгача халқаро қоидалар ўргатиб келинмоқда. Вилоят раҳбари сифатида Президентимиз томонидан белгилаб берилган 5 та мухум ташаббус бўйича иш олиб бориш, аҳоли ўртасида ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш хар бир БЎСМлар ва спорт ташкилотлари билан шартномалар тузиш ва вилоят федерациямиз фаолиятини маблағ томонидан бойитишни олдимга мақсад қилиб қўйганман. Вилоятда паратаэквондони ҳам ривожлантиришни бошлаганмиз. Келажакдаги мақсадимиз Фарғона вилоятидан Жаҳон ва Олимпия ўйинлари ғолиблари етиштириш йўлида кучимиз борича иш олиб бориш.

??? Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати