Skip to main content
Yangiliklar

Токио Олимпиадаси 2021 йил ўтказиладими? Ташкилий қўмита бунга амин эмас

By 28.04.2020No Comments

Хабарингиз бор, Япониянинг Токио шаҳрида жорий йил ўтказилиши керак бўлган ёзги Олимпия ўйинлари 1 йилга кечиктирилди. Мусобақа ташкилий қўмитаси вакилларидан бири Ёсиро Морининг сўзларига кўра, пандемия келаси йил ҳам давом этса ва унинг назорати издан чиқса, бўлажак Олимпиада бутунлай бекор қилиниши ҳам мумкин.

ХОҚ Олимпиаданинг 2021 йилга кўчирилишини тушунтирди

Халқаро Олимпия қўмитаси март ойининг охирларида коронавирус пандемияси сабаб Олимпия ўйинларини 2021 йилга қолдириш ҳақида айтиб ўтган эди. Янги режага кўра, ўйинлар 2021 йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар давом этади. Морининг сўзларига кўра, Олимпиадани мазкур саналардан ҳам кейинга суришнинг имкони йўқ.

Токио Олимпиадаси XXI асрда қолдирилаётган Олимпия ўйинларининг дастлабкиси сифатида тарихга кирмоқда. Ўтган асрда уриш ҳаракатлари билан 1916 йил Берлин, 1940 йил Токио ва 1944 йил Лондонда ўтиши керак бўлган Олимпия ўйинлари бекор қилинган эди. Шунингдек, 1972 йил Мюнхенда ўтган Олимпия ўйинлари ҳам теракт сабаб тўхтатилган, аммо вазият юмшагач баҳслар якунига етказиб қўйилган эди.

Вакцинасиз Олимпиада имконсиз
Агар самарали вакцина топилмаса, Токио-2020 Олимпия ўйинларининг келаси йил ўтказилиши ҳам сўроқ остида қолиши мумкин, деб ўйлайди Япония шифокорлар ассоциацияси раҳбари Ёситакэ Ёкокура.

“Менимча, самарали вакцина топилмас экан, Олимпиаданинг ўтказилиши сўроқ остида бўлади. Биз максимал даражада COVID-19га қарши вакцина топишга ҳаракат қиламиз”, – дейди Ёкокура Киодо агентлигига берган интервьюсида.

Ассоциация раҳбари ўз нутқи давомида муаммо нафақат Япония, балки бутун дунёдаги вазият билан ҳам боғлиқлигини қўшимча қилиб ўтди.

“Бу вақтда (Олимпия ўйинлари ўтадиган муддат) инфекциянинг бутун дунё бўйлаб тарқалишининг қандай ҳолатда бўлиши барча масалага ойдинлик киритиб беради. Бундай пайтда Японияда касалланганлик ҳолати яхшиланган бўлса ҳам, инфекциянинг бутун дунё бўйлаб кенг тарқалгани Олимпия ўйинларининг ўтишини сўроқ остида қолдириши мумкин”, – дейди Ёкокура.

Манба: sputnik.by