Skip to main content
Yangiliklar

Спорт ва медитация: биргаликда ёки алоҳида

By 03.04.2020No Comments

Замонавий одамнинг ҳаёт тарзи шиддатли бўлиб, бу бизни доимий юклама остида яшашга мажбур қилади. Ҳар куни кўплаб долзарб вазифаларни ҳал қиламиз, тезда мақсадларимизга эришмоқчи бўламиз. Доимий ҳамроҳимиз эса бу бизни тушкунликка туширадиган ҳамда ақлий ва жисмоний саломатликка тузатиб бўлмайдиган зарар етказадиган стрессдир.

Руҳий оламни сокинлаштиришнинг энг осон ва самарали усулларидан бири бу – медитация. Бу омил одамга стресс даражасини пасайтириш, қўрқув, руҳий тушкунлик, ваҳимага қарши курашиш, эътибор концентрациясини оширишга ёрдам бериши илмий асосланган.

Аксарият одамлар «медитация» атамасининг маъносини тўлиқ тушунишмайди. Кўпчилик учун бу сўз Буддист роҳиблари ва руҳий-хаёлий маросимлар билан боғлиқ, деб ўйлашади. Aйни пайтда медитация ақл учун машқдир. Бадан мушаклари сингари, онгни ҳам машқ қилдириб туриш керак. Ушбу усулдан фойдаланиб, сиз тафаккурни яхшироқ ишлашига эришишингиз, чуқур дам олишга ўрганишингиз ёки аксинча, бирор топшириққа диққатни жамлашингиз мумкин бўлади.

Сўнгги йилларда медитация спорт оламида тобора оммалашиб бормоқда, бу ерда ҳар қандай шаклда мукаммал мувофиқлаштириш, онг ва тана ҳаракатини жипслаштиришдек фазилатларга эга бўлиш муҳим саналади. Aқл ва тананинг ўзаро алоқаси бўлмаса, юқори натижага эришиш мумкин эмас.

Бу амалда қандай ишлайди? Медитация спортчиларга ўз мақсадларига эришишда ва ғалаба суръатини қандай тезлаштиришда ёрдам беришини тушунишга ҳаракат қилайлик.

Диққат. Медитация жараёнида спортчилар атрофдаги шовқин ва ёт нигоҳларга таъсир қилмаслик учун эътиборни бир жойга тўплаш, шунингдек, қўрқув, ўзидан шубҳаланиш ҳақидаги фикрларидан халос бўлишни ўрганадилар.

Чидам – катта ютуқларга эришишнинг муҳим омилидир. Деярли ҳар бир яхши спортчи натижаларга эришишда мусобақанинг сўнгги сонияларигача ҳам фаол ҳаракат қилиш қобилиятига эга бўлади. Шунинг учун ҳар қандай спортчининг муваффақияти учун аъло даражадаги чидамлилик муҳим ва медитация бу хусусиятни яхшилайди.

Ўз-ўзини бошқариш – спортчининг ташқи таъсирларга жавоб бермаслик ва ўзини ҳиссий сезгиларидан узоқлаштириш қобилиятидир. Aйнан медитацион узилиш фазилати боис спортчилар ўз таналарини механизм сингари бошқара оладилар.

Шахслараро муносабатларни яхшилаш – спортчиларни турли мусобақаларга тайёрлаш жараёнида муҳим омиллардан биридир. Aксарият спорт турларида жамоавий бирдамлик ва соғлом муносабат ўта зарур хусусият. Aгар жамоага ғалаба керак бўлса, зиддиятлар жамоа руҳи ва спортни қандай «ўлдиришини» спортчилар тушунишлари керак. Медитация қувонч ҳисси ва бу хурсандчиликни бошқалар билан баҳам кўриш имконини беради.

Шундай қилиб, медитация спортчиларга фойдали таъсир кўрсатишини кўрдик. Бошқа усулларга қараганда, бу амалиёт янада сермазмун, кўпроқ қувонч келтиради, ўз-ўзини англашга мойилликни ривожлантиришга ҳисса қўшади. Ўқувчиларимизга ўз мисолимиз орқали медитациянинг фойдали таъсирига ишонч ҳосил қилишлари учун кейинги мақоламизда медитация қандай қилиниши ҳақида айтиб берамиз.

 

olympic.uz