Skip to main content
Yangiliklar

Олимпия шиори қандай пайдо бўлган?

By 10.04.2020No Comments

CITIUS – ALTIUS – FORTIUS — энг машҳур иборалардан бири бўлиб, спортчиларни кўп бора янги рекордлар ва ғалабалар сари илҳомлантирган. Аммо Олимпия ҳаракатининг шиори қандай пайдо бўлганлигини камдан-кам одам билади.

Олимпия шиори учта лотин сўзларидан иборат: CITIUS – ALTIUS – FORTIUS, таржима қилинганда “ТЕЗРОҚ — БАЛАНДРОҚ — КУЧЛИРОҚ“ маъноларини англатади. Мазкур учта сўз барча медаллар ҳамда Олимпия машъаласида зарб урилган бўлиб, спортчиларни мусобақаларда бор куч-маҳоратларини сафарбар қилишга ундайди.

Кўпчиликнинг тахминича, ушбу учар иборанинг келиб чиқиши дастлабки Олимпия Ўйинлари даврига бориб тақалади. Гарчи қадимги Олимпия ўйинлари милоддан аввалги 776 йилда Қадимги Юнонистонда пайдо бўлганлиги азалдан маълум бўлса ҳам, лекин юнонларда беллашувлар учун муайян шиори бўлган ёки бўлмаганлиги борасида тарихда бирор далил йўқ. Аммо бу уларга маъқул келиши муқаррар эди: мукаммаллик сари интилиш ва ғалаба қозониш иродаси ҳозирги пайтдан қолишмас даражада эди.

Тарих

Пьер де Кубертен

Олимпия ўйинлари шиори 1894 йилда илк Олимпия конгресси томонидан тасдиқланган бўлиб, ХОҚ расмий бюллетенининг бош саҳифасида чоп этилган. Ва у илк бор 1924 йилда Париждаги Олимпиадада янгради.

Пьер де Кубертен мазкур шиорни ўз дўсти, яъни доминикан руҳонийси ва ёзувчиси, спорт билан шуғулланиш тарғиботчиси Анри Дидондан (француз тилида Henri Didon) ўзлаштириб, таклиф қилди. Дидон ушбу шиорни Париждаги коллежларнинг бирида спорт мусобақаларини очаётган чоғида тилга олган. Пьер де Кубертенга бу ибора шу қадар ёққанки, уни Олимпия ҳаракатининг расмий шиори сифатида тасдиқлади. Унинг фикрига кўра, айнан шу учта сўз бутун дунё атлет спортчиларининг асосий мақсади — ғалаба сари интилиши ва шахсий камолотини ифодалайди.

Анри Дидон

Бундан ташқари, Олимпия ўйинларининг иккинчи ёки норасмий шиори деб аталувчи ибора мавжуд. “Ҳаётда муҳими ғалаба эмас, иштирок” деган иборанинг 1908 йил 19 июлда пайдо бўлиши тасодифий эмас ва қайғули воқеалар билан боғлиқ. Бу ибора кундалик ҳаётда фойдаланиш учун Пьер де Кубертен томонидан киритилган. Аммо 1908 йилда Лондонда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида италиялик чопқир муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, бу сўзларни дастлаб америкалик епископ Этельберт Талбот (ингл. Ethelbert Talbot) айтган.

Этельберт Талбот

Узоқ масофа

1908 йилда марафон масофаси узайтирилди. Одатий 40 км ўрнига 42 км ва 195 метрни ташкил этди. Бу холат Лондонда IV Олимпия ўйинлари ўтказилаётган пайтда Англия қироли Эдуард VII ва унинг рафиқаси Александра ҳам қатнашганлиги билан боғлиқ бўлган. Ўша пайтда қироллик жуфтлигига мусобақаларни кузатиш қулайроқ бўлиши учун, монарх марафон йўналишини Виндзор қалъаси балкони орқали ўтадиган қилиб ўзгартиришни талаб қилди. Бу масофани оширибгина қолмай, балки атлетлар учун ҳам вазифани бир неча қадар мураккаблаштирди — 1908 йилнинг ёзида Англияда жазирама иссиқ бўлди. Ҳатто қўшимча 100 метр масофа ҳам спортчилар учун имконсиздек туюларди.

Италиялик чопқир Дорандо Пьетри ўз рақибларини анча ортда қолдириб, маррага деярли етиб келай деганда, марафоннинг энг сўнгги босқичида офтоб уриши оқибатида йўлидан адашиб, бошқа йўналиш бўйлаб чопиб кетди. Ҳакамлар атлетни тўхтатиб қолиб, унга тўғри йўналишни кўрсатиб юборишади. Сўнгги 500 метр масофа италиялик спортчи учун машаққатли бўлди – у 4 бора йиқилган бўлса-да, унга ҳар сафар оёққа туришига ёрдам беришди. Якунда Дорандо Пиетри маррага биринчи бўлиб етиб келди. Аммо спортчи бировнинг ёрдамидан фойдаланганлиги учун, америкаликлар марафондаги натижаларни бекор қилишни талаб қилишди. Аслида, Америка ўз манфаатларини кўзлар эди – югуриш мусобақасидаги биринчи ўринга Пиетридан кейин маррага иккинчи бўлиб етиб келган америкалик спортчи Жон Хейз лойиқ топилди.

Ушбу воқеа бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди ва италияликнинг ғалаба қозониш иродаси ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмади.

 

Дорандо Пьетри

Қиролича Александранинг фармойишига биноан, спортчига ғолиблар тақдирланадиган худди шундай кубокнинг устига олтин суви югуртирилиб, кумушдан ишланган тури насиб қилди. Дорандо Пьетри мағлубиятга учраган ғолиб сифатида дунё миқёсида танилди. Унинг шарафига ҳатто қўшиқлар яратилди, унинг номи билан боғлиқ воқеалар эса америкалик епископ Этельберт Талботани иштирокнинг аҳамияти ҳақида фикр юритишга руҳлантирди. Бу эса оқибатда Олимпия ўйинларининг норасмий шиорига айланди.

Бугунги кунда “Ҳаётда муҳими ғалаба эмас, иштирок” ибораси спортдан бошқа жабҳаларда ҳам кенг қўлланилмоқда.

 

olympic.uz