Skip to main content
Yangiliklar

Мадинабону Маннопова ёхуд таэквондони танлаган нимжонгина қизалоқ

By 01.04.2020No Comments

Ҳар бир спортчи ва мураббийнинг ҳаёт йўли ўзгача бўлади. Мадинабонунинг бобоси уни мураббий Собир Назаралиев қўлига топширганда нимжонгина қиз эди. Мураббий ҳам бошқа болалар сингари уни машғулотларга бардош бермай бир-икки шуғулланиб спортни тарк этиб кетса керак деб ўйлаганди. Йўқ, гарчанд машғулотлар кундан-кун мураккаблашиб борса ҳам Мадинабону бирор маротаба уни қолдирмади, аксинча мураббийи айтганданда аъло даражада ўзини намоён эта бошлади.

Илк мусобақалар, мағлубият аламлари, жамоада ўз ўрнига эга бўлиш, тажрибасизлик, қийинчиликлар уни муваффақиятлар сари одимлашга, иродали бўлишга ундади.

Танишинг: Мадинабону Маннопова – 2001 йил, 13 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Таэквондо WT бўйича спорт устаси, биринчи мураббийи Собир Назаралиев. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасида мамлакат чемпиони. Ўзбекистон Миллий Университети талабаси. Терма жамоа аъзоси.

– 2015 йил Хитой Тайпеи мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби.

– 2017 йил Қозоғистон. Қитъа биринчилиги бронза медали совриндори.
– 2018 йил. Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида етакчи таэквондочилар орасида ўтказилган Осиё чемпионатида учинчи ўрин.
– 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида энг ёш иштирокчи сифатида эътироф этилган ва мазкур қитъа олимпиадасида кумуш медали билан тақдирланган.
– 2019 йил Хитойнинг Ухан шаҳрида ўтган Бутунжаҳон армия ўйинларида олтин медални жамоага тақдим этган.

Инсон қай бир спорт тури бўлмасин ундаги машаққатларни енгиб ўтмас экан, мақсадни-маррани баланроқ олмас экан умид ва орзусига ета олмайди. Мадинабону ҳам бошқа жамоадошлари сингари тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси олимпия ўйинларида иштирок этиб, она юрт ишончини оқлашга харакат қилаётган қалби қайноқ спортчиларимиздан бири. Биз унга ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

 

Малика Баратова