Skip to main content
Yangiliklar

Кунчиқар юртда биринчи бўлиб Олимпия машъаласидан Фукусима аҳолиси баҳраманд бўлади

By 04.04.2020No Comments

Токио-2020 Олимпия ўйинларининг машъаласи апрель ойининг охирига қадар Фукусима префектурасининг миллий футбол машқ марказида ҳамма кўриши учун ўрнатилгани маълум қилинди.

2011 йилда океаннинг вайрона цунамисидан ҳаммадан кўпроқ зарар кўрган минтақа аҳолиси Олимпия ўйинлари машъаласини ҳар куни эрталаб соат 9 дан 16 гача келиб кўришлари мумкин. Ҳозир коронавирус пандемияси авж олганига қарамасдан бу ерда кўриладиган эҳтиёт чоралари туфайли ҳеч ким хавфга дучор бўлмаслиги кафолатланиши айтилмоқда.

– Коронавирус инфекцияси юқмаслиги учун Олимпия машъаласи қўйиладиган павильонга келадиганлар ниқоб таққан бўлишлари ва бир-бирлари ўртасидаги масофани сақлашлари керак, – дейилади Япония Олимпия ташкилий қўмитасининг баёнотида. – Биз ўзини нохуш ҳис этаётганларни ўз уйларида қолишларини илтимос қиламиз.

Олимпия машъаласини қарши олган Фукусима префектурасининг губернатори Масао Утибори ва «Токио-2020» Ташкилий қўмитаси директори Юкихико Нуномура ҳозирги мураккаб шароитда Олимпия машъаласи бутун жаҳоннинг умиди рамзига айлангани таъкидлашмоқда.

Олимпия машъаласининг Япония бўйлаб олиб ўтилиши бевосита Фукусимадан бошланиши керак эди. Олимпия ўйинлари ташкилотчилари 2011 йилда цунами ва зилзиланинг асосий зарбасига учраган бу минтақа табиий офат оқибатлари бартараф этилганлигининг рамзига айланишига умид қилган эдилар. Олимпия ўйинлари 2021 йилга қолдирилганлиги учун Олимпия машъаласининг эстафетаси ҳам кечиктирилди. Аммо Олимпия машъаласи Японияда сақлаб турилади.

 

olympic.uz