Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Собир Назаралиев: “Мураббийлик жуда катта масъулият”

By 06.04.2020No Comments

Кўз билан кўриб бўлмас мехр ришталарини қалб билан англаш қийин эмас балки шунинг учун мураббий ва спортчи ўртасидаги дўстона муносабатлар йиллар давомида ўз қадр-қимматини йўқотмас. Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз таэквондо WT бўйича ёшлар терма жамоаси катта мураббийи Собир Назаралиев.

Собир Назаралиев – 18.09.1985 Тошкент шаҳрида туғилган. 9 ёшидан таэквондо WT билан шуғуллана бошлаган. Тўрт бора мамлакат чемпиони бўлган. 2008 йил Кореяда ўтказилган харбийлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида шохсупанинг учинчи поғонасидан жой олган. 2010 йил Қозоғистон мезбонлик қилган Осиё чемпионатида бронза медалига муносиб кўрилган.

– Собиржон айтингчи бугунги кунда мураббийсиз ўз вақтида спортчи бўлгансиз, мураббийликнинг масъулияти қай даражада?
– Мен ўзим дастлабки машғулотларни бошлаган вақтларимдаёқ ўз устозимдек бўлишни ният қилганман. Тўғри спортчилик фаолиятимда кўп бор жароҳат олдим ва шифокорлар машғулотларни давом эттирмасликни маслаҳат беришди. Мана энди ўзим ҳам мураббийлик қиляпман. Унинг тоши қанчалик оғир эканлигини дилдан ҳис этяпман. Менимча мураббийлик катта масъулият. Ота-она ўз фарзандини ишониб мураббийга топширади демак сиз манашу ишончни оқлашингиз керак. Спортчига нафақат машғулотларни ўргатиш балки яхши тарбия бериш, оила, ватан олдидаги бурчини ҳис қилиш, хаёт синовларида қоқилмасликни ўргатиш ҳам мураббийнинг зиммасида деб ўйлайман.

– Спортчиларни қандай сараб оласиз? Иқтидорига қарабми ёки?
– Биласизми, мураббийлик фаолиятим давомида спортда иқтидордан кўра кўпроқ мехнат қилиш кераклигини англадим. Чунки иқтидорли спортчиларнинг аксарияти ўзига ишониб қолишади ва изланмайди, ортиқча баҳо беради, аксинча мехнаткаш спортчилар эса тинимсиз ўз устида ишлайди ва вақти келиб Жаҳонда кучлилар қаторидан жой олади. Яхши спортчи бўлиш учун 90 фоиз мехнат ва 10 фоиз иқтидор керак бўлади…

– 2019 йил Тошкентда кадетлар ўртасида ўтган дунё биринчилиги спортчиларимиз, мураббийлар ва мутахасссиларимиз учун керакмиди?
-Қандай нуфузли мусобақа бўлмасин агар у бизнинг юртимизда бўлса бу спортчилардан тортиб унинг мураббийси, хакамлару, мутахассисларнинг малакаси ошишида катта ёрдам беради. Ассоциациямиз рахбари Ш.Ташматовнинг саъйи-харакатлари туфайли мазкур жаҳон чемипонати Бутунжаҳон таэквондо ассоциацияси томонидан йилнинг энг яхши мусобақаси дея эътироф этилди. Бу бежизга эмас ва биз учун юқори баҳо. 60 дан ортиқ мамлакатларнинг делегация аъзоларини ташрифи уларни кутиб олиш, мусобақани юқори савияда ўтказиш буларнинг барчаси ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси кўмагида ташкил этилган мазкур Жаҳон чемпионати ўзбек спорти тарихидан жой олди. Мазкур нуфузли мусобақада давомида биз ўз хато камчиликларимизни, қандай ишлаш ва қай жиҳатларга эътибор беришимиз кераклигини ўргандик.

– Мураббийлар қўлига ниҳолдек болажонлар келиб шуғулланишади, манашу ниҳолларни яхши парвариш қилишда нима муҳим?
– Оддий мисол кулолни қўлига лойни берсангиз у манашу лойга ишлов беради, чиройли кўза ёки кўзни қувонтира оладиган ажойиб бир санъат асарини яратади. Менимча мураббий келажак авлодни спортга қизиқтира олиш керак, улар билан дўстона муносабатда бўлиш, яхши кўриш, хато ва камчиликларини бартараф этишга эринмасдан ёрдам бериш керак. Анашунда юртга фидоий фарзандлар камол топади. Айтишадику нима эксанг шуни ўрасан…

– Яшашдан мақсадингиз нима?
– Албатта биринчи навбатда ота-онамни рози қиладиган инсон бўлиш, жигарларим, яқинларим ва шогирдларим олдида юзим ёруғ бўлишини, хаётда фақат яхшилик билан яшаш керак деб мақсад қилганман.

– Она юрт шаъни деганда нимани тушунасиз?
– Она юрт шаъни ҳамма нарсадан устун бўлиши керак. Буни спортчилар мисолида оладиган бўлсам – Жаҳон ёки Осиё чемпионати, қўйингки олимпия ўйинларида юрт байроғи кўтарилиб, давлат мадҳияси янграган онларда кўзингизга келадиган севинч ёшлари манашу она ватан тупроғи қанчалик азиз эканлигини қалбан ҳис этасиз. Таърифга сўз ожиз… Қай бир соҳада бўлмайлик биз барчамиз манашу киндик қонимиз тўкилган юрт учун камарбаста бўлишимиз керак.

– Ютуқ ва камчиликларингизни ҳам таҳлил қиласизми?
– Инсон ўз хато ва камчиликларини таҳлил қилмас экан у хаётда ўз ўрнини топа олмайди. Хар бир мусобақа ва ўртоқлик учрашувларидан сўнг қайси вазиятда хатоликларга йўл қўйганлигимни ёзиб бораман. Манашу хатоликларни бартараф этсамгина кейинги ишларга қўл ураман. Инсон изланар экан ҳамиша турли хатоликларга йўл қўяди. Мухими манашу хатоликлардан тўғри хулоса қилиб уни такрорламаслик керак назаримда. Мен омадли мураббийларданман чунки яқин укаларим ўз вақтида таниқли спортчилардан Жасур Бойқўзиев ва Зайнобиддин Назаралиев ҳам бугунги кунда мураббийлик қилишади. Улар билан доим фикр алмашаман, керакли вазиятларда улардан ёрдам сўрайман. Бирга машғулотларни ўтказаман.

– Бугунги синовли кунларда нималарга эътибор бериш керак, фикрингиз?
– Бу ҳам биз инсонлар учун бир имтиҳон. Сабримизни, иродамизни қолаверса инсонийлигинимизни синови деб биламан. Биз ўзимизнигина эмас балки оила-аъзоларимизни, яқинларимизни асраш учун ҳам уйда қолиб фарзандларимизнинг қизиқишлари билан ўртоқлашиб улар билан биргаликда дарс тайёрласак, ота-онамиз билан ширин суҳбатлар қурсак, машғулотларимизни уйда давом эттирсак бир-биримизга ёрдам берган бўламиз. Биргаликда буни биз енга оламиз.

Малика Баратова суҳбатлашди

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати