Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Абдужаббор Ботиров: “Сурхондарё вилоятида таэквондо WT спорт тури билан 1600га яқин ёшлар шуғулланмоқда”

By 18.04.2020No Comments

Сурхондарё вилояти таэквондо WT федерацияси ижрочи директори Абдужаббор Ботиров билан суҳбат.

– Сурхондарё вилоятида таэквондо қай даражада ривожланмоқда?
– Ҳозирги кунда вилоятимизнинг 12та туманида таэквондо WT спорт тури билан 1600га яқин ёшлар шуғулланишмоқда. 2019 йил вилоятимиз спортчиларининг кўпчилиги мамлакат терма жамоаси таркибида Жаҳон, Осиё, Халқаро турнирлар ва Ўзбекистон чемпионатларидан ғолиб ва совриндор бўлиб келишди.

– Натижаларга назар соладиган бўлсак, халқаро мусобақаларда вилоят спортчиларининг иштироки қувонарли бўлди деб айта оласизми?
– Албатта, 2019 йил 4-5 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган Паратаеквондо бўйича Жаҳон чемпоинатидан +58 кг вазнда Наимова Гулжаной кумуш медал, 7-9 июль кунлари Жанубий Кореянинг Чунчон шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиядага рейтинг берувчи ҳалқаро турнидан +87 кг вазнда Ражабов Шохруҳ кумуш медаль, 18-20 июль кунлари Иорданиянинг Амман шаҳрида бўлиб ўтган паратаеквондо бўйича Осиё чемпионатидан +58 кг вазнда Наимова Гулжаной бронза медаль, 26-28 июл кунлари Иорданиянинг Амман шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиадага рейтинг берувчи халқаро турнидан +87 кг вазнда Ражабов Шохруҳ бронза, 59 кг вазнда Қосимхожиев Нажмиддин бронза медалларни қўлга киритишди. Шу йилнинг 4-6 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Корея элчиси соврини учун Ўзбекистон кубоги мусобақасидан 45кг вазнда Жаҳонгир Худойбердиев олтин медаль, 63 кг вазнда Қосимхожиев Нажмиддин олтин медаль ва 63 кг вазнда Исаев Бехруз олтин медалларни қўлга киритишиб Сурхондарё жамоаси Ўзбекистон бўйича умумжамоалар ўртасида 3-ўринни эгаллади.

– Бу натижалар ўз-ўзидан бўлмайди, вилоятда тажрибали мураббийлар кўпчиликни ташкил этадими?
– Яхши спортчини камолга етказиш учун биринчи навбатда мураббийлар малакасини оширишга катта эътибор берамиз балки шунинг учун спортчиларимизнинг кўпчилиги катталар, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси сафидан жой олишаётгандир.

– Спортчи Халқаро мусобақаларга чиқишдан аввал Республика турнирларида имтиҳондан ўтишади, вилоят спортчиларининг мамлакат миқёсидаги мусобақалардаги иштироки ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– 2019 йилнинг 24-26 декабрь кунлари Сирдарё вилоятида катталар ўртасида ташкил этилган Ўзбекистон чемионатининг +87 кг вазнда Ражабов Шохрух кумуш, 74 кг вазнда Боймуродов Фаридун ҳамда 87 кг вазнда Шафиев Сухроб, 49 кг вазнда Зархол Жонкобиловалар бронза медалларини қўлга киритишди. Ўтган 2018 ва 2019 йиллари вилоятимиз спортчилари жуда яхши натижаларга эришишди деб бемалол айта оламан. Спортчиларнинг орзуси тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаси Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун паратаэквондо бўйича +58 кг вазн тоифасида Наимова Гулжаной лицензияни қўлга киритди. Ундан ташқари вилоятимиз спортчиси Ражабов Шохруҳ +80 кг вазнда Олимпиадага лицензия олиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

– Вилоятда Халқаро ёки Республика миқёсидаги мусобақалар ўтказилиши режаси борми?
– Ҳа, насиб қилса Термиз шаҳрида 1-ҳалқаро турнир ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаларини ўтказилиши режалаштирганмиз. Менимча мана шундай турнрилар вилоятларда кўпроқ ташкил этилса нафақат спортчилар балки мураббий ва ҳакамларнинг ҳам малакаси ортиб боради. Бир сўз билан айтганда режаларимиз катта насиб қилса янги марраларни кўзлаб бизга билдирилаётган ишончни албатта оқлаймиз.

– Бугунги кун вазиятидан келиб чиқиб қандай маслаҳат берасиз?
– Айни дам юртимизда коронавирус туфайли карантин даври. Биз барчамиз биргаликда шифокорлар тавсияларига, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига амал қилсак, ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда қолсак тезроқ бу балони биргаликда енгамиз. Уйда қолинг!

– Вилоят спортчилари, мураббийлар ўз фаолиятларини давом эттиряптиларми?
– Ҳа, биз мураббийлар билан келишган ҳолда кунлик машғулотлар режасини ишлаб чиққанмиз ва шу асосида спортчилар билан онлайн тарзда иш олиб боряпмиз.

 

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати