Skip to main content
Yangiliklar

Ичкаридан назар. Лозаннадаги Олимпия музейи

By 15.04.2020No Comments

Бу йил Токиода ўтадиган ёзги Олимпиада коронавирус пандемияси туфайли 2021 йил ёзига кўчирилди. Aлбатта, тез орада биз «кўринмас душманни» енгамиз, аммо ҳозирча Олимпиада тарихи, хусусан, Олимпия ҳаракатининг асосий музейи ҳақида кўпроқ маълумот тўплаб турамиз.

Олимпия ўйинларининг бош музейи Швейцариянинг Лозанна шаҳрида жойлашган. Бугун ушбу масканни виртуал сайр қиламиз ва унда Олимпиада руҳини спортчилардек ҳис қила оламиз.

Музей замонавий компьютер технологиялари ва аудиовизуал воситалар билан жиҳозланган бўлиб, бу Олимпия ўйинлари тарихини қадимги даврдан то ҳозирги кунгача интерфаол ўрганишга ёрдам беради.

Музейни яратиш ғояси замонавий Олимпия ўйинларини тиклаган ва Халқаро Олимпия қўмитаси асос солган француз барони Пьер де Кубертенга тегишли. Музей ниҳоят 1993 йилда дунё спорт пойтахти маркази Лозанна шаҳридаги (Швейцария) Уши манзилида очилди. Музей Олимпия ўйинлари ва миллатлар бирлиги спорт руҳини акс эттиришдек муҳим вазифани бажаради.

Ажойиб шакли билан диққатни ўзига тортувчи замонавий бино Женева кўли бўйида жойлашган ва Олимпия ҳаракати тарихини намоён этадиган дунёдаги энг катта ахборот марказидир.

Олимпия музейи майдони 3000 квадрат метрни ташкил қилади, унга туташ 8000 квадрат метрдан ортиқ гўзал хиёбон спортга оид кўплаб ҳайкалларни ўз бағрига жо этган. Улар орасида энг машҳурлари Огюстин Роденнинг «Aмерикалик атлет» ва Ники де-Сен-Фаллнинг «Футболчилар» асарларидир.

Доимий кўргазмада 10 мингга яқин экспонат мавжуд. Бундан ташқари, музей бўйлаб 150 дан ортиқ интерфаол экранлар ўрнатилган.

Бу ерда ҳамма нарсани – Олимпия мавзусидаги суратлардан тортиб, ҳар қандай маълумотни бир босиш орқали топиб берадиган замонавий гаджетларгача топишингиз мумкин. Шу ерда мангу Олимпия машъаласи ёнмоқда.

Бутун музей Олимпия Хартиясининг асосий принципларига бўйсунади: баркамол шахсни тарбиялаш, инсон қадр-қимматини улуғлаш ва тинч ҳамжамият яратиш.

 

olympic.uz