Инсон тақдири аввалдан белгилаб қўйилганми ёки танлов ҳуқуқимиз борми? Психологик нуқтаи назардан ёндашилса, тақдирнинг ёзилгани бор гап. Баъзан эса киши ўз тақдиридан “узоқлашади”. Сабаби, оилавий муҳит, тарбия, ҳаётий кўникмалар, одатлар, ён-атрофдагилар унга таъсир кўрсатади.Ота-онанинг болани ҳақоратлаши, унга турли тақиқлар қўйиши, қарғаши, ишонч билдирмаслиги ҳам келажакда уни ўз тақдиридан йироқлаштирар экан. Наҳот, ота-онанинг беихтиёр айтган сўзлари бола тақдирини ўзгартира олса, дейсизми? Ҳа, шундай…Мутахассис – Лайло НОДИРОВА, психолог.
«Сенинг дастингдан тинчлик борми?»
«Кўчага чиқдинг, албатта, шимингни йиртиб келасан», «Уйда бўлсанг, ҳамма сенга эътибор бериши керак-да,а?», «Бир ойда бир марта ё пиёла, ёки ликопча синдиришинг шарт…»
Бу гаплар, ҳали содир бўлмаган ҳодисаларнинг бола ҳаётига тиркалишидир. Ота-она даккисидан қўрққан бола ўта эҳтиёткор бўлишга ҳаракат қилади. Аммо худди шу ҳолат эҳтиётсизликни келтириб чиқариши мумкин. Қолаверса, боланинг онг остида «ҳар бир хатти-ҳаракатим бирор фалокатга сабаб бўлиши мумкин» маъносидаги маълумот ҳосил бўлса, улғайгач, ўз имкониятларига шубҳа билан қарайдиган бўлади. Муҳим қарор қабул қилиш олдидан иккиланади. Бирор юмушни режа қилганида унинг якунини омадсизликка боғлайди. Ва кўп ўтмай ҳаётига омадсизлик кириб келиши мумкин.
«Бошқа касал бўлма!»
Баъзан онг остида тўпланаётган маълумотлар тескари ишлаши ҳам мумкин. Қуйида шу ҳолатга мисол: болангизнинг тоби бўлмаяпти. Ишдан рухсат сўраб, уни парваришлайсиз, кунибилан ёнида бўласиз, одатдагидан кўпроқ меҳр кўрсатасиз. Бундай пайтда оналар «Болажоним, сен касал бўлма» дея кўп айтишади. Бола онги «касал бўлма» сўзини тақиқ деб қабул қилади. Бироқ ҳиссиётларнинг «қўли» баланд келиб, кейинги ахборот шаклланади: «тобим бўлмаса, ҳамма менга эътибор берар экан, мени эшитишяпти, авайлашяпти».
Бола касал бўлиш – нохуш ҳолат эканлигини тушунади, аммо унинг ёрдамида атрофдагиларнинг диққатини жалб қилиш мумкинлиги ҳақида кўпроқ ўйлайди.
Эътибор берган бўлсангиз, мактаб ёшидаги болаларни эрталабки қорин, тиш оғриқлари безовта қилади. Бундай пайтларда бола мактабга боришни истамайди, уйда қолишни истайди. У атай қиляпти, деб ўйлашингиз мумкин. Аслида эса ҳақиқатан ҳам болани қорин ёки тиш оғриғи безовта қилаётган бўлиши мумкин. Оғриқ – мактабда ўқитувчилари, дўстлари билан боғлиқ муаммоларнинг психологик қўзғалишидир. Боланинг тоби бўлмаганида унга одатдагидек муомала қилинг.
Тушкун ўйлардан асранг
«Сен аҳмоқсан», «Шунчалик ҳам тентак бўладими?» Бу сўзлар бола руҳиятига кучли зарба ҳисобланади. Фарзандларимиз ҳамиша эътиборда бўлишни исташади. Уларни яхши гап, меҳр-муҳаббат билан рағбатлантирмасак, онг остидаги бўшлиқлар негатив ўй (улар сўзлар орқали ҳосил бўлади)га тўлади. Болада шундай фикр пайдо бўлиши мумкин: «Онам тўғри айтади, мен тентакман, йўқса, хомхаёлга берилармидим».
Руҳий-эмоционал жиҳатдан фарзандлар 21 ёшгача ота-она қарамоғида бўлишади. Бу ёшдан сўнг уларни боғлаб турувчи қувват аста-секин узилади. Фарзандингиз шу ёшга тўлгунига қадар тарбиясига катта эътибор билан қаранг. Дўстона суҳбатлашинг, уни эшитинг, тушунишга ҳаракат қилинг. «Болажоним, нима истаяпсан», дея хоҳишлари, ҳиссиётларини юзага чиқариши учун шароит яратинг.
Самира УЛУҒБЕКОВА ёзиб олди