ЧАРЛИ ЧАПЛИН: ҲАЁТИ ВА ҲИКМАТЛАРИ
Чарлес Спенсер Чаплин — киноактёр, сценарист, бастакор ва режиссёр бўлган. У 1889 йил 16 апрелда Лондонда санъаткор оиласида дунёга келди. Унинг келиб чиқиши асли инглизларга бориб тақалади. Оиласининг ажралиб кетиши туфайли ёш Чаплин онаси — Ҳанна Хариет Хиллнинг қўлида қолади.
Саҳнага илк бор 1894 йил 5 ёшида чиққан. Онасининг бетоб бўлиб қолгани ва моддий қийинчиликлар туфайли 12 ёшида мактабни ташлаб пул топиш учун ишлай бошлайди. 1900-1903 йиллар давомида кичик-кичик ролларни ўйнаб юрган. Дастлабки ижодини эса пантомимочи актёр сифатида бошлайди.
1912 йил АҚШга ташриф буюради ва Сер Мак Сеннет бошчилигидаги бир қанча фильмларда суратга тушади. Шундан сўнг «Кистоун фильм» студиясида доимий ишчи сифатида ишлай бошлайди. Унинг даромади йил сайин кўтарилиб боради. 1919 йилга келиб Чаплин Мери Пикфорд, Дуглас Фербенксон ва Девид Гриффитонлар билан бирга ўз кино студиясини очади. Унга «United artists» (Бирлашган актёрлар) дея ном қўяди.
1952 йил АҚШдан кетиб Швейцарияда яшай бошлайди. 70-йилларда Чарлес Чаплин икки бора «Оскар» мукофотини олди. Ҳатто унга 1975 йил Элизаветта II томонидан рицарлик унвони ҳам берилади.
АҚШ кино академиясининг икки карра лаурияти номига ҳам сазовор бўлган Чарлес Спенсер Чаплин 1977 йил оламдан ўтди.
ҲАЁТИЙ ҲАҚИҚАТ
Чарлес Спенсер Чаплин дастлаб 16 ёшидаёқ уйланган. Аммо тезда биринчи хотини билан ажрашиб кетади. Ҳаёти давомида яна уч бора турмуш қуради. Унинг жами 11 фарзанди бўлган.
Оилавий қийинчиликлар туфайли Чарлес Чаплин жуда ёш пайтиданоқ ишлай бошлайди. Дастлаб кўчада газета сотади, турли ўйинчоқлар ясайди, босмахонада ва маълум муддат идишлар ишлаб чиқарадиган корхонада югурдак бўлиб юради. Аммо шунга қарамай унинг бутун ҳаёли театрда эди. Шу тариқа кичик-кичик ролларни ўйнай бошлаган Чаплин аста-секин танила бошлайди. Дастлаб 1914 йил Кейстонда ҳафтасига 150 доллар маош олади. 1915 йилга келиб бу кўрсаткич 1250 долларга етди. Бундан ташқари шартнома учун яна 10.000 долларни қўлга киритди. 1916-1917 йилларда эса 150.000 долларлик шартнома имзолашга муваффақ бўлган Чаплиннинг ҳафталик маоши 10.000 доллар эди. 1917 йил «First National» студияси билан бир миллионлик фантасти шартномани имзолайди ва шундан сўнг тарихда энг қиммат актёр деган ном қолдиради.
1927 йилдан бошлаб овозли фильмлар чиқа бошлаган бўлса ҳам Чаплин ҳамон ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда овозсиз фильмарда рол ижро этишда давом этади. Сабаби бу пайтда у «Пантамимо ва овозсиз фильмлар қироли» деб тан олинган эди. Ўн йил шу йўсинда ишлаган актёр 1940 йилга келибгина овозли фильмларда суратга туша бошлайди.
Бир куни Англия кўчаларининг бирида Чарлес Чаплиннинг антиқа ҳаракатларини ўхшатиш бўйича танлов бўлиб ўтади. Бу ҳақда хабар топган актёрнинг ўзи ҳам танловда тасодифан иштирок этади. Танлов ниҳоясига етгач, антиқа ҳолат юзага келади. Чарлес Чаплин ҳаракатларини ўхшатиш бўйича ўтказилган танловда актёрнинг шахсан ўзи биринчи ўринни эмас, учинчи ўринни қўлга киритади.
Альберт Эйнштейн Чарли Чаплиннинг фильмларини яхши кўрар, бу актёрга ихлоси баланд эди.
Кунлардан бир кун у актёрга шундай мактуб битади: «Сизга қойилман, санъатингиз ҳаммага тушунарли, Сиз келажакда буюк одам бўласиз, Эйнштейн».
Орадан кўп ўтмай жавоб хати келади: «Мен эса Сизга қайта-қайта қойил қоламан. Сизнинг нисбийлик назариянгизни жаҳонда камдан-кам одам тушунади, лекин барибир Сиз улуғ одамсиз. Чаплин.»
Чарли Чаплин
КЎНГИЛДАГИ ГАПЛАР
Кулгисиз ўтган кун бекор ўтган кунга ўхшайди.
Муваффақиятсизлик бу дахшатли нарса эмас. Сабаби у кетидан шижоатни чорлайди.
Омма, халқ нимани хоҳлаётганини ўзи билмайди. Буни мен оммавий тажрибадан билиб бўлдим.
Мен фақат масхарабоз бўлишим мумкин, сабаби у менга баъзи бир сиёсатдонларданда юқорироқ мартабани инъом этди.
Оғриқ учун энг яхши таъсир қиладиган дори бу кулгидир.
Ҳаёт узоқ давом этадиган қайғули кинога ўхшайди. Аммо унда оз бўлса ҳам кулгили саҳналар мавжуд.
Биз ниҳоятда кўп ўйлаймиз-у, жуда оз англаймиз.
Олимжон Абдушукуров тайёрлаган.
ҚИЗИ ЖЕРАЛЬДИНЕГА ЁЗГАН МАКТУБИДАН
Осмонларга парвоз қил! Лекин ерга қайтишни ҳам унутма! Сен одамларнинг ҳаётини, кўчада раққосаларнинг совуқда қалтираб оч-наҳор қолганларини кўришинг керак. Мен ўшаларга ўхшардим, Жералдине!..
…Сен мени билмайсан, Жералдине. Ўша оқшомлар кўп эртаклар айтиб берардим. Лекин менинг ўзимнинг ҳаёт эртагим ҳеч қачон айтилмаган. Аммо бу ҳам қизиқарли. Бу эртак очликдан Лондон харобаларида қўшиқ куйлаб, ўйинга тушиб садақа йиғиб юрган масхарабоз ҳақида эди… Бу менинг ҳикоям! Мен очлик нималигини, ялангоёқлик, бошпанасизлик нима эканини биламан. Бундан ташқари, мен – хўрланган дайди масхарабознинг кўксида уммон тўлқинидек мавж уриб турган ғурур отилган тангалар етказган оғриқдан пайдо бўлган.
…Санъат инсонга қанот беришдан олдин, у уча олиши учун одатда оёқларини синдиради. Агар кун келиб ўзингни томошабинлардан кўра кераклироқ ҳис қила бошласанг, саҳнани тарк эт. Дуч келган таксини тўхтатиб, қўшни Парижга бориб кел. Бу сен учун жуда мароқли эканини биламан. У ерда ўзингга охшаган, ҳатто, сендан-да малоҳатли, дилбар ва латофатли кўплаб раққосаларни кўрасан. Кўзни қамаштирадиган театр чироқлари ҳар доим сенга ҳамроҳ бўлиб юра олмайди. Ахир ой ҳам ўзининг ёруғлиги билан гўзал. Қара! Диққат билан қара! Нима, улар сендан кам ўйнашаяптими? Тан олишинг керак, қизим, ҳар доим сендан яхшироқ рақсга тушадиган топилади! Энг муҳими, шуни унутмаки, Чарлининг оиласида беадаб сўзлар сўзлайдиган ёки Сейн дарёси соҳилида ўтирган тиланчилар устидан куладиган қўпол одам ҳеч қачон бўлмайди…
Мен ўламан, лекин сен яшайсан… Мен сени ҳеч қачон қашшоқлик нима эканлигини билишингни хоҳламайман! Ушбу мактуб билан бирга сенга чек дафтарни юбораяпман, хоҳлаганингча сарфлайвер. Лекин икки франк сарфлаганингда, ўзингга ўзинг учинчиси сеники эмаслигини эслатиб тур. Уни муҳтож бўлганларга харжлашинг шарт. Сен бундай одамларни осонлик билан топасан. Агар муҳтожларни осонлик билан топмоқчи бўлсанг, уларни ҳамма жойда учратишинг мумкин. Сен билан пул ҳақида гаплашаётганимнинг сабаби, у шундай маҳлиё қилувчи кучки, ўз домига тортиб кетади…
..Мен сенга шуни айтишим зарурки, дорбознинг дордан йиқилишидан кўра одамларнинг текис йўлда йиқилиши ҳаётда кўпроқ учрайдиган ҳодисадир. Сени таклиф этишган тантанали кечаларда эҳтимол олмос учқуни каби порларсан. Ўша пайт сен учун хавфли дор бўлади ва йиқилишинг муқаррар бўлади. Балки кунларнинг бирида бўй-басти келишган, хушбичим шаҳзода сени ўзига жалб қилар. Ўша онларда сен ҳали тажрибасиз дорбоз бўласан ва албатта маликасиз дорбоз ҳар доим йиқилиши турган гап. Қалбингни дуру-гавҳарлар учун сотма. Вақти келганда сен ҳам севиласан, сени севиб қолган у инсоннинг муҳаббати чин юракдан бўлади.
Эртами-кечми, саҳнада эгнингдан тушмайдиган оқ ипакли кийиминг ўрнига қора кийим кийиб қабрим тепасига келасан. Ҳозир сени хафа қилмоқчи эмасман. Фақат вақти-вақти билан ойнага қараб қўй, менинг чеҳрамни кўрасан. Ҳатто томиримдаги қон музлаб қолганида ҳам, отанг Чарлини унутишингни хоҳламайман. Мен фаришта эмасман, лекин ҳар доим илҳомлантирадиган инсон бўлиб қоламан. Буни ҳамиша ҳис қилиб туришингга ишонаман.
Инглиз тилидан Мунира Норбоева таржимаси (ХДК таҳрири билан)
манба: kh-davron.uz