Skip to main content
Yangiliklar

12 апрель – Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни

By 12.04.2020No Comments

1961 йилнинг ажойиб баҳор кунларидан бири… 12 апрель. Шу куни ер юзи бўйлаб ҳаммани ҳайратга солган хабар тарқалди, “Инсон космосда!”

Одамларнинг юлдузлар томон учиши ҳақидаги кўп асрлик орзулари рўёбга чиқди.

Россиянинг Смоленск шаҳри яқинида туғилган йигит Юрий Гагарин афсонани ҳақиқатга айлантирди. Бутун инсоният унинг жасоратига қойил қолди. Гагариннинг номи бир зумдаёқ дунёга тарқалди. Лекин у қандай бўлса, шундайлигича — ўша-ўша камтарин ва меҳрибон, лабларидан кулгу аримайдиган ва ёқимли йигитлигича қолди. Кучли иродаси, қатъийлиги ва орзусига содиқлиги туфайли у космос қаҳрамонига айланди. Бу хислатлар унда болалигидаёқ намоён бўлган эди.

Қорлар эриб, баҳор бошланган кезлари болалар варрак учиришарди. Юра ҳам уларнинг­ кетидан югуриб юриб, осмонга тикилар ва варракларга ҳавас билан қараб: “Қанийди, мен ҳам улар билан учсам…” — деб орзу қиларди.

Кўп ўтмай, беғубор болаликка уруш рахна солди. Уруш даҳшатларини бошқа болалар қатори Юра ҳам ўз бошидан кечирди. Урушдан кейин Москва яқинидаги ҳунар мактабида, Саратовдаги индустриал техникумда ўқиди, аэроклубга қатнади, парашутда сакради. Оренбургдаги ҳарбий учувчилар билим юртини битиргач, Шимолга йўлланма бе­ришларини илтимос қилди. Шимол­нинг оғир шароитида Гагарин кўп учди, ўрганди ва деярли бутун бўш вақтида китоб ўқиди.

Ҳаёт қизғин давом этарди. Ернинг дастлабки сунъий йўлдошларидан кейин пайдо бўлган космик ракета Ойнинг кўринмайдиган томонини суратга туширди. Сирли оламга учиш кундан-кунга яқинлашар эди.

Юрий Гагарин космонавтларнинг биринчи гуруҳида «космик» тайёргарликни бошлади. Сурдокамера, шиддатли сентрифуга, вазнс­из­лик синовларидан муваффақиятли ўтди.

Космик парвозга у қунт билан тайёрланди. Бунинг учун кучини ҳам, вақтини ҳам аямади. У ўртоқларига, ўртоқлари эса унга ти­нимсиз ёрдам беришди. Уларнинг ҳар қайсиси космосга биринчи бўлиб учиш иштиё­қи билан ёнарди. Лекин ҳамма Юрий Гагарин би­ринчи бўлиб учса керак, деб тахмин қиларди. Аслида ҳам шундай бўлиб чиқди: давлат комиссияси уни танлади ва унинг “Поехали” (“Қани кетдик”) деган сўзи машҳур бўлиб кетади.

Илгари бўлмаган бундай рейсда ёлғиз қолар экан, у космик трассалар кашфиётчиси зиммасидаги улкан масъулиятни ҳис этди.

Орбита бўйлаб Ер атрофини 108 минутда бир марта тўлиқ айланиб чиқиб, Гагарин космик кемаси эсон-омон ерга қўнди. Космик парвоздан сўнг Гагарин турли одамлар билан учрашди. Учрашувда у 300 километр юксакликдан Ер қандай кўриниши, сайёрамиз қанчалик гўзаллиги, «Восток» кемасининг иши тўғрисида ҳикоя қилиб берди.

Шу боис ҳар йили 12 апрель санасида “Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни” нишонланади.