Yangiliklar

Нигора Турсунқулова

By 26.03.2020 No Comments

«Таэквондо ўзбек миллатига хос бўлган спорт тури»

Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси аъзоси Нигора Турсунқулова . Осиё чемпиони, Осиё Ўйинлари бронза медали соҳибаси, Korea Open, Turkish Open, Qatar Open, Fujairah Open каби нуфузли мусобақалар совриндори Ўзбекистон Таэквондо WTF ассоциацияси матбуот хизматига интервью берди.

– Таэквондо билан неча ёшдан шуғулланганишни бошлагансиз?
– 10 ёшимда 231-сонли мактабда очилган таэквондо тўгарагига қатнашни бошлаганман. Биринчи мураббийим Константинович Дмитрий Хван бўлган.

– Нима учун айнан таэквондони танлагансиз?
– Иккала акам ҳам таэквондо билан шуғулланишгани учун бўлса керак уларга ҳавас қилиб мен ҳам шу спорт турига борганман. Бундан ташқари таэквондо олимпия спорт тури, чиройли ва жозибадор. Бу ўзбек миллатига тўғри келадиган спорт тури деб ўйлайман. Чунки таэквондо кийимлари ёпиқ, ҳеч қаери очиқ-сочиқ эмас. Бошимиз, қўлларимиз, танамиз, ҳамма еримиз ҳимояланган бўлади. Яна таэквондо ўзининг қатъий тартиби билан бошқа спорт турларидан ажралиб туради. Биринчи кунданоқ менга таэквондо ёқиб қолган.

– Энг биринчи медалингизни қўлга киритганда ичингиздан қандай ҳиссиётлар ўтган?
– Биринчи медалимни 2009 йил қўлга киритганман. Ўшанда кичкинагина қиз эдим. Жуда ҳам хурсанд бўлиб кетганман. Бу шаҳар биринчилиги эди. Ўша пайтдан бошлаб ўз олдимга мақсадлар қўйишни бошлаганман. Илк халқаро медалимни эса 2013 йилда Жанубий Кореядаги мусобақада қўлга киритганман. Ўшанда жуда ҳам қийин жанглар бўлган эди. Қилган меҳнатларим зое кетмаганини ҳис қилганман ўшанда.

– Фаолиятингиздаги энг аламли мағлубият қачон ва кимга қарши жангда бўлган?
– 2016 йил Рио де Жанейрода ўтган ёзги Олимпиада ўйинлари чорак финалида озарбайжонлик рақибамга 1:5 ҳисобида ютқазиб қўйганман. Ярим финалга бир қадам қолганида мағлуб бўлганим жуда ҳам алам қилганди.

– Таэквондодаги энг олий орзуингиз қандай?
– Олимпиадада ғалаба қозониш ва юртимизга медаль билан қайтиш!

– Тажрибали спортчи сифатида энди спортга кириб келаётган ёш таэквондочилар ёки спортчиларга қандай маслаҳатлар берасиз?
– Ҳеч нарсага осонлик билан эришиб бўлмайди. Агар ўз олдингизга чемпион бўламан, соғлом бўламан, чиройли бўламан деб мақсад қўйган бўлсангиз билингки ҳаммаси ўз қўлингизда. Барчасига сабр ва меҳнат билан эришасиз. Албатта ота-она, мураббийларнинг гапига қулоқ солиб уларнинг дуоларини олиб юришса барча ўйлаган ниятларига эришишади, худо хоҳласа.